Ўзбекистоннинг ЖЧ гуруҳи борасида Анвар Ғофуров фикри
Вашингтон шаҳрида ўтказилган “ЖЧ–2026” қуръаси бутун футбол жамоатчилигининг диққат марказида турди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси жой олган “К” гуруҳи эса мухлисларда янада кўпроқ қизиқиш уйғотди. Чунки гуруҳда жаҳон футболида ўз ўрнига эга Португалия, динамик таркибга эга Колумбия ва плей-офф ғолиби сифатида келадиган Янги Каледония, Ямайка ёки Конго жамоаларидан бири жойлашади.
Бу жараёндан сўнг футбол атрофида қизғин баҳс-мунозаралар бошланди. Терма жамоамиз собиқ ҳимоячиси Анвар Ғофуров ҳам Sports.uz сайтига берган интервьюсида ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
Унинг айтишича, гуруҳимиз кутилганидек кучли рақиблардан ташкил топган, аммо бу ҳолат қувончли жиҳатларга ҳам эга:
— Аввало, барча мухлисларни табриклайман. Кутилаётган тарихий кун яқинлашмоқда. Португалия каби топ даражадаги терма жамоа билан бир гуруҳда бўлиш — бу ўзига яраша шараф. Жамоанинг ўзига хос жозибаси бор, чунки улар таркибида бутун дунёда катта мухлисларга эга бўлган Криштиану Роналду ўйнайди. Колумбия ҳам ўз савиясига эга кучли рақиб. Бир сўз билан айтганда, гуруҳимиз жуда рақобатбардош, — деди Ғофуров.
У қуръадан аввал ким келиши муҳим бўлмаганини таъкидлади:
— Жаҳон чемпионатида кучсиз рақиб деган тушунча деярли йўқ. Қуръани мухлис сифатида завқ билан томоша қилдим. Гуруҳимиз ким билан тўлдирилиши мен учун катта фарқ қилмасди, — дейди у.
Ғофуров ўзининг энг асосий фикрларидан бирини ҳам яширмади — у Ўзбекистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятига ишонади:
— Менимча, бизнинг терма жамоа гуруҳдан чиқиш вазифасини бажара олади. Қувват, тажриба ва ўйин сифати бор. Футболчиларимиз бу йўлни босиб ўтишга тайёр, — дея ишонч билдирди у.
Колумбияга қарши дебют ўйинни эса у ижобий томондан баҳолайди:
— Бу яхши имконият. Чунки ҳар икки жамоа ҳам илк ўйинда маълум даражада босим остида бўлади. Уларнинг ўзаро келишиб кетиши учун вақт керак бўлади. Биз эса учинчи турда тўртинчи саватдан келган рақибга қарши энг оптимал ҳолатда боришимиз мумкин. Гуруҳдаги тақдир айнан шу учрашувда ҳал бўлади, — дейди собиқ футболчи.
Португалия ва Роналдуга қарши ўйин ҳақида эса Ғофуров шундай деди:
— Ҳозирги Португалия — бу фақат Роналду эмас, балки ҳар бир чизиқда юқори савияли ўйинчиларга эга тўлақонли терма жамоа. Улар фаворитлардан бири. Бироқ бу уларга қарши имконият йўқ дегани эмас. Мундиалда ҳар қандай сюрприз бўлиши мумкин, — деди у.
Анвар Ғофуровнинг фикрларидан кўриниб турибдики, терма жамоамизни олдинда жиддий синовлар кутиб турибди, аммо ишонч ва ғайрат кучли. Бу тарихий иштирок олдидан мухлислар ҳам, экспертлар ҳам жамоамиздан умидвор.