Шоҳруҳхондан янги клип — “Кетаман” ютубни забт этмоқда
Клипда, аввало, минимализм ва ҳис-туйғуларнинг қалбдан чиққан ифодаси кўзга ташланади. Бу сафарги видеода фақат Шоҳруҳхоннинг ўзи иштирок этган бўлиб, ўзига хос режиссура ва камера ҳаракатлари орқали хонанданинг ички изтироблари, қалбида кечаётган кечинмалар экран орқали ёрқин акс эттирилган.
Қўшиқнинг матнида муҳаббатни унутиш, қалбда қолган хотиралар ва севги билан боғлиқ хурсандликларни ўзинг билан олиб кетиш ҳақида самимий сатрлар куйланган. Хонанда тингловчини шунчаки мусиқага эмас, балки қалбга таъсир қилувчи руҳий саёҳатга чорлайди.
“Кетаман” қўшиғи YouTube’да жойлаштирилганидан сўнг 23 соат ичида 162 мингдан ортиқ марта кўрилгани хонанданинг омма орасидаги ўрнини яна бир бор тасдиқлади. Изоҳлар орасида "Шоҳруҳхондан яна бир шедевр!", "Клипдаги самимият қалбимга тегди", каби ижобий фикрлар кўплаб учрамоқда.
Айтиш жоизки, Шоҳруҳхон ҳар бир ижодий ишига ўзига хос эстетика ва чуқур маъно билан ёндашади. "Кетаман" ҳам ана шундай ишлардан бири бўлиб, уни нафақат куй, балки шахсий кечинмаларга айланган мусиқий драма, деб аташ мумкин.