Германия Покистондаги 500 дан ортиқ афғонистонликни қабул қилишга тайёр
Германия ҳукумати ҳозирда Покистон ҳудудида мураккаб ва ноаниқ вазиятда қолган 535 нафар Афғонистон фуқаросини қабул қилишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Александр Добриндт расман баёнот берди.
Маълум қилинишича, ушбу афғон фуқаролари 2021 йил август ойида “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни қўлга олганидан кейин хавфсизлик масалалари сабабли ватанини тарк этган. Улар ҳозирча Покистонда вақтинча истиқомат қилиб келмоқда, бироқ ҳуқуқий мақоми аниқ эмас.
Қабул қилиниши кутилган шахслар орасида Германия Бундесвери, шунингдек, бошқа халқаро ва давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган афғонлар мавжуд. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган фаоллар, хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашган жамоат арбоблари ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Александр Добриндтнинг таъкидлашича, Германия бу фуқароларни имкон қадар тезроқ қабул қилишдан манфаатдор. Ушбу қарор инсонпарварлик тамойиллари асосида қабул қилингани қайд этилмоқда.
Аввалроқ Покистон ҳукумати Германия томонидан ушбу афғонларни декабрь ойи охирига қадар қабул қилиш талабини қўйган эди. Акс ҳолда, уларни Афғонистонга депортация қилиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.