Яшил энергияга имтиёз: Тожикистон қуёш панелларига солиқни бекор қилди
Тожикистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари жорий этилади. Мамлакатда 2031 йил 1 январгача қуёш панеллари, энергияни сақлаш мосламалари ва уларнинг бутловчи қисмларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод қилинади.
Янги қарорга кўра, нафақат ускуналар импорти, балки қуёш панеллари ўрнатилган кўчмас мулк объектлари учун ҳам солиқ енгилликлари назарда тутилган. Хусусан, бундай объектлар ишга туширилган кундан бошлаб 5 йил давомида ҚҚС тўламайди.
Расмийлар ушбу чоралар аҳолининг ва бизнеснинг муқобил энергия манбаларига қизиқишини ошириш, электр энергиясига бўлган юкламани камайтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.