Ҳафта бошида қайси ҳудудларда қор ёғади?
Ўзгидромет 22–25 декабрь кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Унга кўра, ҳафта бошида республика бўйлаб ҳаво асосан ўзгарувчан бўлади, айрим ҳудудларда қор, туман ва яхмалак кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда ёғингарчилик кутилмайди, аммо баъзи жойларга туман тушиши эҳтимолдан холи эмас. Кечалари ҳаво совуқ бўлиб, кундузи ҳарорат 0–7 даража илиқ атрофида бўлади.
Бухоро ва Навоий вилоятларида 22 декабрда айрим ҳудудларда енгил қор ёғиши мумкин, кейинги кунлари эса асосан қуруқ об-ҳаво сақланади. Йўлларда яхмалак кузатилиши мумкин.
Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳам 22 декабр куни айрим жойларда қор ёғиши эҳтимоли бор. Кейинги кунларда ёғингарчилик кутилмайди, туман ва яхмалак сақланиб қолиши мумкин.
Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳам ҳафтанинг биринчи куни қор ёғиши мумкин, кейин эса ҳаво очилади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик прогноз қилинмаяпти, аммо туман кузатилиши мумкин.
Тоғли ҳудудларда 22–23 декабрь кунлари вақти-вақти билан қор ёғади, айрим жойларда қор кўчиши хавфи мавжуд. Мутахассислар ҳайдовчиларни йўлларда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.