«Ҳайвонлар шаҳри–3» яратилиши бошланди, мухлислар узоқ кутмайди
«Ҳайвонлар шаҳри–2» мультфильмини суратга олган режиссёрлар — Байрон Ҳовард ва Жаред Буш Хитойдаги Weibo ижтимоий тармоғида франшиза мухлислари билан жонли мулоқот ўтказди. Суҳбат давомида ижодкорлар «Ҳайвонлар шаҳри» оламининг учинчи қисми устида ишлар аллақачон бошлаб юборилганини очиқ маълум қилди.
Режиссёрларнинг таъкидлашича, учинчи қисмнинг премераси иккинчи фильм каби тўққиз йил давомида кечиктирилмайди. Байрон Ҳовард бу борада шундай фикр билдирди: “Мен шошилишни ёқтирмайман, аммо тўққиз йил — жуда узоқ вақт. Кейинги фильм анча тезроқ экранларга чиқади, деб умид қиламиз”. Бу сўзлар мухлислар орасида катта умид уйғотди.
Жаред Буш эса айни пайтда жамоа турли сюжет йўналишлари устида фаол иш олиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, ғояларни шакллантириш жараёни одатда 2–3 йилни талаб қилади, анимацион фильмни тўлиқ яратиш эса 4–5 йил вақт олади. Агар барча режалар белгиланган тартибда амалга ошса, «Ҳайвонлар шаҳри–3» тахминан 2030 йил атрофида намойиш этилиши мумкин.
Шу билан бирга, ижодкорлар учинчи қисмда қушлар пайдо бўлиши эҳтимолини ҳам истисно қилишмади. Улар иккинчи қисм финалида кўзга ташланган пат айнан шу ғояга ишора бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Мушук ва итларнинг нега мультфильм оламида йўқлиги ҳақида сўралганда эса, режиссёрлар бу ҳолат «Ҳайвонлар шаҳри»да одамлар каби уй ҳайвонлари мавжуд эмаслиги билан боғлиқ эканини тушунтиришди.
“Аслида итлар бор, аммо улар томошабинлар одатланган уй итлари эмас. Отлар борасида эса истиснолар мавжуд — бизда ҳам ёввойи, ҳам уй отлари учрайди. Қоидаларга амал қилишга ҳаракат қиламиз, лекин баъзан улардан чиқишга тўғри келади”, — деди Жаред Буш.
Бундан ташқари, ижодкорлар айрим қаҳрамонларга бағишланган алоҳида эскизлар ва спин-офф лойиҳалар яратилиши мумкинлигини ҳам истисно этмади. Хусусан, томошабинлар севимлиси бўлган ялқов Блитс ҳақида алоҳида лойиҳалар ишлаб чиқиш ғояси мавжуд. Уларга кўра, «Ҳайвонлар шаҳри» олами жуда бой ва кенг бўлиб, уни фақат тўлиқ метражли фильмлар билан чеклаш тўғри бўлмайди.