Қайси давлатлар табиий ресурсларга энг кўп таянади
Нефт, газ, кўмир ва турли фойдали қазилмалар кўплаб мамлакатлар учун асосий даромад манбаи бўлиб қолмоқда. Бироқ бундай иқтисодиётлар жаҳон бозоридаги хомашё нархлари тебранишига жуда сезгир: бюджет тушумлари, иш ўринлари ва валюта киримлари кўп жиҳатдан шу омилга боғланиб қолади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Сўнгги маълумотларга кўра, ресурсларга қарамлик бўйича энг юқори кўрсаткич Ливия ҳиссасига тўғри келади — ЯИМнинг 61 фоизи айнан ресурслар ҳисобидан шаклланади. Ироқ, Конго Демократик Республикаси ва Конго каби мамлакатларда эса ЯИМнинг 33 фоизидан ортиғи табиий ресурслар улушига тўғри келади.
Ресурсларнинг катта қисми Яқин Шарқ ва Африка ҳудудларида жамланган. Нефт ва газ захиралари билан ажралиб турадиган давлатлар қаторига Эрон, Ангола, Уммон, Қатар ҳамда Саудия Арабистони киради. Фойдали қазилмалар захираси юқори бўлган ва нефт экспорт қиладиган мамлакатлар сифатида Замбия, Монголия, Экваториал Гвинея ва Чад тилга олинади.
Таққослаш учун, Ўзбекистон иқтисодиётида энг катта улуш хизматлар соҳасига тўғри келади: савдо, транспорт, алоқа, туризм ва бошқа йўналишлар ЯИМнинг тахминан 45–50 фоизини ташкил этади.