Венесуэла ва АҚШ: портлашлар ортидан таранглик кучайди
Бугун тонгда Венесуэла пойтахти Каракас ва бошқа ҳудудларда бир нечта портлашлар юз берди. Ҳукумат бу воқеаларни АҚШнинг “ҳарбий агрессияси” сифатида баҳолади. Президент Николас Мадуро миллий фавқулодда ҳолат эълон қилиб, мудофаа кучларини сафга чақирди.
Портлашлар Миранада, Арагуа ва Ла Гуира штатларида ҳам содир бўлди. Гувоҳлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган тасвирларда портлашлар, самолётлар ва қора тутун кўриш мумкинлиги айтилган. Шаҳар жанубий қисмидаги йирик ҳарбий базага яқин ҳудудларда электр узилиши кузатилди.
Венесуэла ҳукумати баёнотида, АҚШ ушбу ҳужум орқали мамлакат нефт ва минерал ресурсларини эгаллашни мақсад қилган, аммо бундай ҳаракат муваффақиятсиз бўлишини таъкидлади.
АҚШ Президенти Доналд Трамп бир неча бор Венесуэлада ҳарбий ҳаракатлар ўтказиш ҳақида гапирган. Пентагон журналистларнинг саволларини Оқ уйга йўналтирди, аммо Оқ уй ҳозирча изоҳ бермади.