70 фоиз устама бериладиган ўқитувчилар рўйхати эълон қилинди
Ўзбекистонда 2025 йил август–декабрь ойларида ўтказилган аттестация якунларига кўра олий ёки биринчи малака тоифасига эришган педагоглар рўйхати тасдиқланди. Бу тоифани қўлга киритганлар аттестацияда 86 ва ундан юқори балл тўплаган ўқитувчилар бўлиб, улар ойлик даромадини сезиларли ошириш имконига эга. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Расмий маълумотларга кўра, базавий тариф ставкасининг 70 фоизи миқдоридаги қўшимча устамани олиш ҳуқуқи 4 038 нафар педагогга берилди. Ушбу рағбатлантириш 2021 йил 17 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган бўлиб, аттестацияда юқори натижа кўрсатган ва касбий салоҳиятини исботлаган ўқитувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Мутахассислар ҳисоб-китоб билан мисол келтиради: олий тоифали ўқитувчининг базавий маоши 4 миллион сўм бўлса, халқаро сертификат ва аттестациядаги юқори балллар ҳисобидан бу суммага яна 2,8 миллион сўм қўшилади. Натижада, халқаро мезонларга мос малакага эга педагогнинг ойлик даромади 6,8 миллион сўмни ташкил этади.
Вазирлик устама олувчилар тўлиқ рўйхатини эълон қилган. Мазкур тизим ўқитувчилик касбининг нуфузини ошириш ва мактаб таълимига юқори малакали кадрларни жалб этиш орқали ўқувчилар билим сифатини яхшилашга қаратилган.