«Барселона» Мисрнинг ёш ҳужумчиси трансферини якунлади
«Ал-Аҳли» ҳужумчиси Ҳамза Абделкарим «Барселона» сафига йўл олди. Журналист Фернандо Поло хабарига кўра, томонлар келишувни аллақачон якунлаб бўлган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
18 ёшли футболчи каталонияликлар таркибига ижарага келади, битимда эса 3 млн евро эвазига сотиб олиш опцияси ҳам бор. Яқин кунларда мисрлик иқтидор тиббий кўрикдан ўтади, шундан кейин трансфер расмийлаштирилади.
«Барселона»нинг бу ўйинчини қўлга киритиш нияти бир неча ой аввал ҳам тилга олинганди. Абделкарим Қоҳиранинг «Ал-Аҳли» клубида 9 та учрашув ўтказган, ҳозирча натижали ҳаракатлари билан ажралиб турмаган, бироқ Миср U-17 терма жамоасида 19 ўйинда 12 гол уриб, 6 ассист қайд этган.