АҚШ шимоли-шарқида қор бўрони минглаб рейсларни бутунлай тўхтатди
АҚШнинг шимоли-шарқий ҳудудларига кучли қор бўрони ёпирилиши оқибатида мамлакат бўйлаб 2 мингдан ортиқ авиарейс бекор қилинди, яна камида 700 та парвоз кечиктирилди. Бу ҳақда онлайн кузатув хизмати — FlightAware хабар берди.
Қайд этилишича, бир кун давомида АҚШ ичида, шунингдек мамлакатга кириб келиши ёки ундан чиқиши режалаштирилган жами 2 026 та рейс амалга оширилмай қолган.
Мамлакат ички хавфсизлик вазири — Кристи Ноэм шимоли-шарқий штатлар томон навбатдаги табиий офат яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, Нью-Жерсидан тортиб Жануби-Шарқий Янги Англия ҳудудларигача бўлган масофада қор бўронлари, жадал қор ёғиши ва кучли шамол кузатилиши мумкин. Энг катта зарар соҳилбўйи ҳудудларига тўғри келиши кутилмоқда.
Шунингдек, аввал — январ ойида ҳам мамлакатнинг катта қисми шиддатли қор ёғиши таъсири остида қолган эди. Айниқса, қиш шароитига нисбатан кам мослашган Теннесси, Миссисипи ҳамда Луизиана штатларида жиддий оқибатлар қайд этилган.