Шаҳар чумчуқлари фастфуд сабаб семириб кетмоқда: табиатда янги хавотир
Шаҳарлардаги тезкор овқатланиш шахобчалари атрофида кузатилаётган яна бир ғайриоддий ҳолат олимлар эътиборини тортмоқда: одатда чаққон ва енгил ҳаракатланадиган чумчуқларда ортиқча вазн белгиларини кўриш мумкин бўлаяпти. Мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолат шунчаки ташқи кўринишдаги ўзгариш эмас, балки шаҳар муҳити ёввойи қушлар табиий ҳаётига қандай таъсир қилаётганини кўрсатувчи жиддий сигналдир. Соғлиққа зарарли озиқ-овқат кўп тўпланган муҳитни жамоат саломатлиги адабиётида ҳатто “food swamp” — яъни носоғлом овқат муҳити, деб ҳам аташади.
Айтилишича, чумчуқлар аввал ёввойи қушлар учун хос бўлмаган, ҳазм қилиш қийин саналган “тезкор углеводлар”га мослашиб бормоқда. Яъни шаҳарда қолдиқ овқат, нон ушоқлари, ширин ва ёғли маҳсулотларга яқин яшайверган қушлар аста-секин ўз рационини ҳам ўзгартириб юборган. Бу эса табиий озуқа занжиридан чекиниш дегани.
Энг хавотирлиси, ортиқча вазн қуш организмида фақат семириш билан чекланиб қолмайди. Таъкидланишича, бундай ҳолат гормонал мувозанатга ҳам салбий таъсир ўтказади. Натижада кўпайиш қобилияти пасайиши, табиий ривожланиш жараёнларида издан чиқиш кузатилиши мумкин. Бу эса оддий кўринган экологик ўзгариш аслида бутун популяцияга таъсир қилувчи муаммога айланиши эҳтимолини кучайтиради.
Мутахассислар шу каби ўзгаришлар фақат қушларда эмас, балки метаболизми инсонникига маълум даражада ўхшаш бўлган сутэмизувчиларда ҳам учраши мумкинлигини айтмоқда. Демак, шаҳар муҳитидаги озиқланиш маданиятининг бузилиши табиат учун ҳам “тезда сезилмайдиган, аммо чуқур” оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
Биологлар яна бир муҳим омилга эътибор қаратяпти: шаҳарларда ҳайвонлар ҳам одамлар каби “ёруғлик ифлосланиши”дан азият чекмоқда. Кечаси ҳаддан ташқари ёруғ муҳит, доимий шовқин, сунъий ритм — буларнинг барчаси жониворларнинг табиий ҳаракати ва биологик соатига таъсир қилади. Шунга қарамай, кўплаб майда қушлар барибир шаҳарга интилади. Сабаби оддий: шаҳарларда йиртқич қушлар нисбатан камроқ учрайди ва бу кичик турлар учун тирик қолиш имкониятини оширади.
Қисқаси, шаҳар чумчуқлари энди фақат “шаҳарга мослашган қуш” эмас — улар инсон яратган муҳитнинг тирик оқибатига айланиб бормоқда. Фастфуд, сунъий ёруғлик ва осон озуқа уларга қулайлик бергандек туюлади, аммо бу қулайлик ортида табиат учун янги хавф яшириниб турибди.