Роналдунинг пеналтеси ўтмай, «Ал-Наср» қийин ғалаба олди
Саудия Арабистони чемпионатининг шанба кунги учрашувида «Ал-Фейҳа» ва «Ал-Наср» тўқнаш келди. Турнир пешқадами бўлиб турган Ар-Риёд клуби кўплаб ноқулай вазиятларга қарамай, сафarda зўрға бўлса-да уч очкони олиб кетди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Баҳс бошида Криштиану Роналду пенальти тепди, бироқ тўп пастдан чап устунга тегиб майдонни тарк этди. Биринчи бўлим якунида эса мезбонлар кутилмаганда ҳисобни очди: ўнг қанотдан узатилган тўпни дарвозабон илиб олишга чиққан пайтда, ўз ҳимоячиси Абдулела ал-Амри оёғи билан тўпни яқин бурчакка кесиб юборди — 1:0.
Иккинчи бўлимда «Ал-Наср» босимни оширди. Жоау Фелишнинг жарима майдонидан зарбасини ҳимоячилар тўсди, қайтган тўпга Роналду 15 метрлар атрофидан тепадан йўллаган зарбани дарвозабон қайтарди. 72-дақиқада эса ҳисоб тенглашди: Султон ал-Ғанамнинг узоқ пасидан кейин Кингсли Коман жарима майдонига кириб узатма берди, Садио Мане эса бемалол якунлаб қўйди — 1:1.
Шундан сўнг «Ал-Наср»да бир нечта қулай имкониятлар бўлди, лекин гол уриш дарҳол насиб этмади: Айман Яҳё яккама-якка вазиятда дарвозабонни алдолмади, Команинг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси ҳам посбон томонидан сейв қилинди. 80-дақиқада Марсело Брозович бурчакдан узатди, тўп Фелишга келиб тушди ва у 20 метрлар атрофидан яқин устунга тегкизган зарбаси дарвозабоннинг ортидан дарвоза чизиғидан ўтди — 1:2.
Якуний нуқтани 85-дақиқада «Ал-Наср» қўйди: Фелиш билан комбинациядан сўнг Абдуллоҳ ал-Ҳамдан жарима майдонида тўпни қабул қилиб, 8 метрлар атрофидан аниқ зарба берди — 1:3.
Натижада «Ал-Фейҳа» турнир жадвалида 11-ўринни бўлишиб турибди. «Ал-Наср» эса пешқадамликни сақлаб қолди ва энг яқин таъқибчидан 2 очко олдинда бормоқда.