Дунёдаги энг бадавлат машҳурлар рейтинги эълон қилинди
Forbes журнали дунёдаги энг бой машҳур шахслар рейтингини эълон қилди. Рўйхатда биринчи ўринни таниқли кинорежиссёр Стивен Спилберг эгаллади. Унинг бойлиги 7,1 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Ҳозир 79 ёшни қарши олган Спилберг жаҳон киноси тарихидаги энг муваффақиятли режиссёрлардан бири ҳисобланади. У “Жағлар”, “Юра даври боғи” ҳамда “Индиана Жонс” каби машҳур фильмлар орқали катта даромад топган. Бундан ташқари, у машҳур DreamWorks киностудиясининг асосчиларидан биридир. Режиссёр илк бор 1994 йилда Forbes рейтингига киритилган бўлиб, шундан буён рўйхатни тарк этмаган.
Рейтингда иккинчи поғонани яна бир машҳур кинорежиссёр — “Юлдузлар жанги” фильмлари муаллифи Жорж Лукас эгаллади. 81 ёшли режиссёрнинг бойлиги 5,2 миллиард долларга баҳоланмоқда. Учинчи ўринда эса баскетбол афсонаси Майкл Жордан жойлашган бўлиб, унинг умумий бойлиги 4,3 миллиард долларни ташкил этади.
Forbes рўйхатида бошқа машҳур ва бой шахслар ҳам қайд этилган. Жумладан, 5-ўринни телебошловчи Опра Уинфри (3,2 миллиард доллар), 7-ўринни қўшиқчи Тейлор Свифт (2 миллиард доллар), 11-ўринни гольфчи Тайгер Вудс (1,5 миллиард доллар) эгаллаган.
Шунингдек, баскетболчи Леброн Жеймс 1,4 миллиард доллар билан 14-ўринда, актёр ва собиқ сиёсатчи Арнолд Шварсенеггер 1,2 миллиард доллар билан 16-ўринда қайд этилган. Рейтингнинг кейинги поғоналарида теннис юлдузи Рожер Федерер ва машҳур режиссёр Жеймс Кемерон (ҳар бири 1,1 миллиард доллар) жойлашган.
Рўйхатнинг сўнгги қаторларида эса мусиқий саҳнанинг таниқли вакиллари — қўшиқчилар Риҳанна ва Беёнсе бўлиб, уларнинг ҳар бирининг бойлиги 1 миллиард долларга баҳоланган.