Андижонда тиббиёт ходими пора билан қўлга тушди. Бунинг ортидан марказ директори ишдан олинди
Республика тез ёрдам маркази Андижон филиалининг кадрлар бўлими инспектори фуқародан ишга олиб кириб қўйишни ваъда қилиб, 400 доллар пора олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Андижон шаҳрининг «Сой» маҳалласида Республика тез тиббий ёрдам маркази Андижон филиалининг кадрлар бўлими инспектори Ж.М. фуқародан ишга олиб кириб қўйишни ваъда қилиб, 400 доллар пора олаётган вақтида ушланди.
Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилиши натижасида, эътиборсизлиги сабаб коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб бергани, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишларини олиб бормагани учун филиал директори И.А. ва кадрлар бўлими бошлиғи Э.Х. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.