Тошкентда ёлғон ёнғин баҳонасида аҳолидан пул йиғиб, машина олган қиз бўйича изоҳ берилди
Тошкент шаҳрида уйи ёнғиндан зарар кўргани ҳақида ёлғон маълумот тарқатиб, аҳолидан пул йиғган ва кейинчалик автомобиль харид қилган 19 ёшли блогер қиз билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилди. Ушбу масалага Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов изоҳ берди.
Маълум қилинишича, жорий йил декабрь ойи бошида блогер ижтимоий тармоқларда уйи гўёки ёнғин натижасида зарар кўрганини айтган ва хонадонни қайта тиклаш учун обуначиларидан моддий ёрдам сўраган. Бироз вақт ўтиб эса у янги видео жойлаб, ўзига автомобиль сотиб олганини маълум қилгани жамоатчиликда жиддий саволлар ва муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ички ишлар органлари томонидан мазкур шахс билан профилактик суҳбат ўтказилган. Суҳбат давомида блогер ёнғин ҳақидаги видеоларни обуначилар сонини кўпайтириш ва моддий манфаат кўриш мақсадида жойлаганини очиқ тан олган. Шунингдек, унга бундай хатти-ҳаракатлар жамоатчилик орасида шов-шув келтириб чиқариши, одамларни чалғитиши ва жамиятда салбий муносабат уйғотиши мумкинлиги тушунтирилган.
Шоҳрух Ғиёсовнинг таъкидлашича, айни пайтга қадар блогернинг ушбу ҳаракатлари бўйича расмий шикоят ёки моддий зарар етгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмаган. “Агар унинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган ёки ўз манфаатлари бузилганини билдирган фуқаролар мурожаат қилса, мазкур ҳолат белгиланган тартибда кўриб чиқилади ва тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилади”, — деди ИИВ матбуот котиби.
Қайд этиш жоиз, бу воқеа ижтимоий тармоқларда ишонч ва масъулият масаласи яна бир бор долзарб эканини кўрсатди.