2026 йил учун давлат бюджети тасдиқланди
Ўзбекистонда 2026 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда келгуси молиявий йил учун бюджетни шакллантириш ва ижро этиш параметрлари белгиланган.
Қонунда кўра, давлат бюджети даромадлари 368,9 триллион сўм, харажатлари эса 402,6 триллион сўм миқдорида режалаштирилган. Бюджет тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоизгача бўлиши, инфляция эса 7 фоиздан ошмаслиги кўзда тутилган.
2026 йилда ижтимоий соҳага 220 триллион сўм йўналтирилади. Шундан 100 триллион сўм таълимга, 49 триллион сўм эса соғлиқни сақлашга ажратилади.
Шунингдек, мақсадли жамғармаларнинг параметрлари ҳам тасдиқланди: уларнинг даромадлари 78,6 триллион сўм, харажатлари эса 74,4 триллион сўмни ташкил этади. Қонун 2026 йил 1 январдан кучга киради.
Мазкур қонун ижаранинг минимал ставкаларини, айрим товарлар чакана савдоси учун чегара йиғимларини, шунингдек, хорижий автотранспорт воситаларининг кириши ва транзити учун йиғим ставкаларини белгилайди. Келгуси йил бюджет сиёсатиининг устувор йўналишлари сифатида “яшил” иқтисодиёт, экология ва ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш белгиланган.