2026 йилдан бошлаб айрим фуқаролар тунда парковка учун пул тўламайди
2026 йил 1 февралдан бошлаб Тошкент шаҳрида пулли йўлбўйи автотураргоҳларига яқин ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун янги қулайлик жорий этилади. Эндиликда бундай ҳудудларда истиқомат қилувчи автомобиль эгалари резидент автотураргоҳ рухсатномаси орқали тунги вақтда парковкадан бепул фойдаланиш имконига эга бўлади.
Янги тартибга кўра, резидент рухсатномаси — бу “электрон ҳукумат” тизимида шакллантириладиган махсус электрон ёзув бўлиб, у белгиланган пулли автотураргоҳларда транспорт воситасини жойлаштириш ҳуқуқини беради. Резидентлар сафига пулли парковкалар жойлашган ҳудудларда ёки уларга туташ маҳаллаларда яшовчи, уй-жойга мулк ҳуқуқига эга ёки мулкда улуши мавжуд бўлган автомобиль фойдаланувчилари киритилади.
Рухсатнома асосида автомобилни соат 20:00 дан 08:00 гача мутлақо бепул тўхтатиб туриш мумкин бўлади. Кундузги вақтларда эса парковкадан амалдаги тарифлар асосида, аммо имтиёзли шартларда фойдаланиш назарда тутилган.
Шунингдек, резидент рухсатномаси 1 йил муддатга берилади ва унинг йиллик тўлови 1 БҲМ, яъни ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра 412 минг сўм этиб белгиланган. Ҳар бир манзил бўйича кўпи билан 2 та рухсатнома расмийлаштириш мумкин бўлади. Аризаларни эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали топшириш режалаштирилган.