Қандай оилалар расман “камбағал оилалар” тоифасига кириши маълум бўлди
Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим қарор қабул қилинди. “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини тақдим этиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб янги тартиб жорий этилади.
Фармонга асосан, ҳозирга қадар алоҳида юритиб келинган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳамда Камбағал оилалар реестри бирлаштирилиб, ягона Ижтимоий реестр шакллантирилади. Ушбу реестр “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юритилиб, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш зарур бўлган оила ва шахсларни аниқлаш ҳамда уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини баҳолашга хизмат қилади.
Янги тизимга кўра, Ижтимоий реестрдаги оилалар учта асосий тоифага ажратилади:
— давлат таъминотидаги оила;
— камбағал оила;
— камбағаллик чегарасидаги оила.
Белгиланган тартибга мувофиқ, агар оила аъзолари меҳнатга лаёқатсиз ёки ишлаш имконияти чекланган бўлса ва ҳар бир аъзога тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан кам бўлса, бундай оила “давлат таъминотидаги оила” деб тан олинади.
Агар оила аъзолари меҳнатга лаёқатли ёки ишлаш имкониятига эга бўлса-да, ҳар бир киши ҳисобига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад минимал истеъмол харажатларидан паст бўлса, улар “камбағал оила” тоифасига киритилади.
Даромади минимал истеъмол харажатларининг 1 бараваридан 1,5 бараваригача бўлган оилалар эса “камбағаллик чегарасидаги оила” сифатида қайд этилади. Булар қаторига аввал “давлат таъминотидаги оила” ёки “камбағал оила” рўйхатидан чиқарилганлар, шунингдек, “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида оғир ҳаётий вазиятга тушган деб топилган оилалар ҳам киритилади.
Фармонга мувофиқ, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам турлари ҳам қайта кўриб чиқилди. Хусусан, давлат таъминотидаги оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам оила аъзоларининг иш билан бандлигига қарамасдан, узлуксиз тўлаб борилади.
Камбағаллик чегарасидаги оилаларга эса болалар нафақаси ёки моддий ёрдам 6 ой давомида даромад миқдорига қараб тўланади. Агар оила даромади минимал истеъмол харажатларининг 1–1,25 бараварига тенг бўлса, ёрдам 75 фоиз миқдорда, 1,25–1,5 бараварига етса — 50 фоиз ҳажмда ажратилади. Илгари бу тоифадаги оилаларга бундай тўловлар умуман амал қилмаган.
Янги тартиб ижтимоий адолатни таъминлаш, ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.