Сурияда пуллар ҳам янгиланмоқда: сиёсий шахслар ўрнига миллий рамзлар
Сурия банкноталаридан собиқ президент Башар Асад ва унинг оиласи тасвирлари олиб ташланади. Бу ҳақда САНА ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа янги банкнотлар дизайнини тақдим этган. Улар 2024 йил декабрь ойида ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад ва унинг оиласи акс этган эски пуллар ўрнини эгаллайди.
Аввал 2000 Сурия фунтлик банкнотада Башар Асаднинг, 1000 фунтлик купюрада эса унинг отаси — Ҳофиз Асад портрети жойлаштирилган эди.
AFP хабарига кўра, 10 фунтдан 500 фунтгача бўлган янги банкноталар 1 январдан бошлаб муомалага чиқарилади. Янги пулларда сиёсий шахслар эмас, балки миллий рамзлар — Дамашқ атиргули, буғдой бошоқлари, зайтун, апельсин ва бошқа тасвирлар акс эттирилади.
Расмийларга кўра, бу қарор мамлакатда янги сиёсий босқични бошлаб бериш, шунингдек, миллий бирлик ва янгиланиш тимсоли сифатида қабул қилинмоқда.