Саида Мирзиёева интервьюда беш устувор йўналишни очиқ санади
Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева илк катта интервюсида ўз вазифалари, давлат раҳбарининг иш услуби ва администрация олдида турган энг муҳим мақсадлар ҳақида батафсил тўхталди.
Унинг айтишича, Президент администрацияси асосан стратегик йўналишларни белгилайди ва ижро тизимига аниқ “йўл харитаси” беради. Мирзиёева бугунги жараённи ислоҳотлар даври, деб атаб, ўзгаришлар узлуксиз назорат ва катта масъулият талаб қилишини таъкидлади.
Интервюда у президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий сифатларига ҳам тўхталиб, давлат раҳбарини инсонни тинглайдиган, ҳурмат қиладиган ва жамоани ривожлантира оладиган лидер сифатида таърифлади. Мирзиёевага кўра, ислоҳотлар фақат қаттиққўллик билан эмас, мослашувчанлик ва донолик орқали ҳам натижа беради.
Энг қизиқ қисми — устувор йўналишлар рўйхати. Мирзиёева администрация олдидаги бешта асосий вазифани санади: сув, таълим, тиббиёт, бизнес ва суд-ҳуқуқ тизими. У, айниқса, сув масаласини келажакдаги энг катта чақириқлардан бири сифатида кўрсатди. Таълим ва тиббиётдаги ўзгаришлар эса узоқ муддатли жараён эканини қайд этди.
Суд-ҳуқуқ тизими мавзусида у кескин фикр билдирди: шаффоф ва адолатли суд бўлмаса, қолган ислоҳотлар тўлиқ ишламайди. Чунки ишонч, инвестиция, бизнес муҳити ва фуқаролар ҳуқуқи барибир қонун устуворлигига бориб тақалади.
Шахсий жиҳатдан, Мирзиёева халқаро дипломатия ва мулоқотдан катта завқ олишини айтди ва асосий мақсадни яна бир бор такрорлади: халқ ҳаётини яхшилаш, ҳар бир инсон муҳим. Тайинлов сабабларини эса президентга жойлардаги реал ҳолатни тўғридан тўғри етказиш, ҳақиқий манзарани яширмасдан кўрсатиш эҳтиёжи билан боғлади.
Қисқаси, интервьюнинг асосий сигнали шундай: устувор йўналишлар белгиланган, энди энг катта талаб — ижрони кучайтириш ва натижани жойларда сезиларли қилиш.