Россия мигрантларни рақамли назоратга олмоқчи
Россия ҳукумати миграция назоратини тубдан янгилаш бўйича режани тасдиқлади. Жараённинг марказида хорижий фуқароларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатини батафсил кузатиб борадиган махсус рақамли платформани ишга тушириш турибди. Ҳукумат жадвалига кўра, ушбу ахборот тизими 2027 йил 10 декабрга қадар ишга туширилиши керак. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасидаги манбаларга таяниб ТАСС хабар берди. Бу ҳақда upl.uz хабар беради.
Тизимни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш ИИВ, ФХХ, Транспорт вазирлиги ҳамда Рақамли ривожланиш вазирлиги вакиллари кирган идоралараро гуруҳ зиммасига юклатилди. Жойларда механизм тўғри ишлаши учун ҳудудий маъмуриятлар билан ҳам яқин ҳамкорлик кўзда тутилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ваколатлари кенгайтирилиши доирасида ИИВ халқаро авиакомпанияларнинг чипта брон қилиш базаларига кириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу орқали айрим шахсларга кириш тақиқи бор-йўқлиги чипта расмийлаштириш босқичидаёқ автоматик аниқланиб, ташувчилар огоҳлантирилади ва чегара пунктларида депортация билан боғлиқ ҳолатлар камайтирилиши кутилмоқда.
«Йўл харитаси»да яна бир муҳим технологик қадам ҳам белгиланган: 2026 йил декабрига қадар чет элликларни биометрик идентификация қилиш тизимини яратиш ва ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу чоралар реал вақт режимида миграция оқимларини кузатишга хизмат қиладиган ягона рақамли контур шакллантиришга қаратилган. Шундай қилиб, Москва яқин икки йил ичида хорижий меҳнат ресурслари ва сайёҳларни тўлиқ ҳисобга олиш учун техник тайёргарликни якунлашни режалаштирмоқда.
Россияда хорижий фуқароларни тизимли ҳисобга олишга оид илк давлат даражасидаги уринишлар XVII асрдаёқ кузатилган: ўша пайтда «Посолский приказ» қошида Москва саройига хизматга ёки савдо учун келган «иноземлар»нинг алоҳида рўйхатлари юритилган.