Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев Эроннинг «Персеполис» клубига ўтди
Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев фаолиятини Эронда давом эттиради — у Теҳроннинг «Персеполис» клуби билан шартнома имзолади. Трансфер ҳақида клубнинг ўзи расмий маълумот берди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
«Игорь Сергеев биз билан. “Персеполис”га хуш келибсиз», — дейилади жамоа матбуот хизмати хабарида.
32 ёшли футболчи ўтган мавсум Ўзбекистон Суперлигасида «Пахтакор» сафида энг сермаҳсул ўйинчилардан бири бўлди: 29 учрашувда 20 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди.
Transfermarkt маълумотига кўра, Сергеев 2025 йилда мамлакатнинг энг яхши футболчиси деб топилган, унинг тахминий трансфер қиймати эса 1,2 млн долларни ташкил этади.
Ҳужумчи аввалроқ, 2021–2023 йилларда Қозоғистонда «Актобе» ва «Тобол» клублари шарафини ҳимоя қилган. Қостанай жамоаси таркибида у чемпионатнинг олтин медалларини ҳам қўлга киритган.
Айни пайтда «Персеполис» Эрон чемпионатида 28 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.