2025 йил Ўзбекистонда энг илиқ йиллардан бири бўлгани маълум бўлди
Ўзгидромет маълумотига кўра, 2025 йил Ўзбекистонда кузатувлар тарихидаги энг илиқ йиллар қаторидан жой олди: у 2016 ва 2023 йиллар билан бир қаторда тилга олинмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, йилнинг деярли бутун даврида ҳаво ҳарорати меъёрий кўрсаткичлардан 1–2°C юқори бўлган. Апрель ва май ойларида эса иссиқлик янада кескинлашиб, ўртача қийматлар одатдагидан 4,5°C гача юқори қайд этилган.
Ёғингарчилик ҳам кам бўлган: йил давомида ёмғир ва қор миқдори меъёрдан қарийб икки баробар паст тушган. Қурғоқчилик энг кўп апрель ойидан ноябргача бўлган даврда сезилган.
Вазият фақат декабрда ўзгарган — Тошкент ва унга қўшни ҳудудларда сезиларли миқдорда ёғингарчилик кузатилган. Пойтахт учун бу декабр сўнгги 25 йилдаги энг ёмғирли ва энг қорли ой сифатида қайд этилган.
Ой охирида тоғли ҳудудларда қор қоплами 85 см гача етгани сабаб Камчиқ довони ва Чимён атрофида қор кўчкилари тез-тез кузатилган. Декабр ўрталаридаги бир ҳафталик совуқ тўлқинга қарамай, ой якуний ҳисобда барибир меъёрдан илиқроқ бўлган.