АҚШ туристик визаларига мажбурий пулли гаров тартиби жорий қилди
АҚШ Давлат департаменти B1/B2 (туристик ва ишбилармонлик) визалари бўйича янги тартибни эълон қилди: айрим давлатлар фуқаролари виза олиш жараёнида мажбурий пулли гаров (bond) қўйиши керак бўлади. Бу чора асосан B1/B2 визаси муддатини бузиш (overstay) кўрсаткичлари юқори деб баҳоланган мамлакатлар учун қўлланади.
Қайси давлатлар рўйхатда?
Давлат департаменти “виза гарови талаб қилинадиган давлатлар” рўйхатини эълон қилган ва унда амалга кириш санаси ҳам кўрсатилган. Марказий Осиёдан, хусусан:
-
Қирғизистон — 2026 йил 21 январдан
-
Тожикистон — 2026 йил 21 январдан
-
Туркманистон — 2026 йил 1 январдан
Рўйхатда Африка, Осиё, Кариб ҳавзаси ва Лотин Америкаси давлатларидан ҳам бир қатор мамлакатлар бор (масалан, Венесуэла, Нигерия ва бошқалар). Рўйхат 2026 йил 6 январ ҳолатига “охирги янгиланган” деб берилган.
Гаров миқдори қанча?
Агар ариза берувчи B1/B2 визаси учун “лойиқ” деб топилса, у 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров қўяди. Аниқ сумма визавий суҳбат вақтида консул томонидан белгиланади. Шу билан бирга, DHS’нинг I-352 шакли (Form I-352) ҳам тақдим этилади.
Тўлов қаерга ва қандай қилинади?
Энг муҳим жиҳати: гаров фақат консул кўрсатма берганидан кейин тўланади. Ариза берувчи Pay.gov орқали тўлов қилиш учун тўғридан-тўғри расмий ҳавола олади ва учинчи томон сайтларидан фойдаланмаслик қатъий айтилган.
Яна бир “совуқ душ” — гаров тўлаш визани кафолатламайди. Консул йўриқномасисиз тўланган пуллар қайтарилмаслиги ҳам очиқ ёзилган.
АҚШга кириш-чиқишда ҳам чеклов бор
Гаров қўйган визаси борлар АҚШга фақат белгиланган аэропортлар орқали кириб-чиқиши шарт:
-
Boston Logan (BOS)
-
New York JFK (JFK)
-
Washington Dulles (IAD)
Агар бу шартга амал қилинмаса, кириш рад этилиши ёки чиқиш тўғри қайд этилмаслиги мумкин — бу эса кейинчалик муаммони кўпайтириши эҳтимол.
Қачон гаров қайтарилади, қачон “куяди”?
Департаментга кўра, гаров автоматик равишда қуйидаги ҳолатларда қайтарилади:
-
АҚШдан рухсат этилган муддат ичида чиқиб кетгани DHS томонидан қайд этилса;
-
виза муддати тугагунча умуман АҚШга сафар қилмаса;
-
аэропортда АҚШга кириши рад этилса.
Лекин агар визада белгиланган муддатдан ортиқ қолиш каби шартлар бузилса, иш USCIS’га юборилади ва гаров шартлари бузилган-бузилмагани шу ерда кўриб чиқилади.
Хулоса
Қисқаси, B1/B2 визаси “олдим — учдим” деган енгил форматдан анча қаттиқ назоратли тартибга ўтиб бораяпти: кимгадир 5 минг доллар, кимгадир 15 минг долларлик “депозит-режим” қўшиляпти. Агар сафар режангиз бор бўлса, ариза топширишдан олдин расмий рўйхат ва саналарни яна бир бор текшириб қўйиш фойдали — рўйхат вақти-вақти билан янгиланяпти.