Ўзбекистондан АҚШга борганлар сони бир йилда 15,2 минг нафарга етди
2025 йилнинг 11 ойида АҚШга Ўзбекистоннинг 15,2 минг нафар фуқароси ташриф буюрди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,2 минг кишига ошган. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Декабр бошигача бўлган даврда АҚШга борганларнинг 10,8 мингдан ортиғи сайёҳ сифатида сафар қилган. Яқинларини йўқлаш учун 3,7 минг киши боргани қайд этилган.
Шунингдек, 333 нафар ўзбекистонлик ўқиш учун, 307 нафари иш юзасидан, 28 нафари эса даволаниш мақсадида АҚШга борган.
Ўтган йил ноябр ойида Президент администрацияси маслаҳатчиси Комил Алламжонов ўзбекистонликлар учун 10 йиллик визаларни жорий этиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу таклифни АҚШ давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландау ҳам қўллаб-қувватлаб, ташаббус Америка туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошидан Ўзбекистонда АҚШ фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим амал қилмоқда. Ушбу чора иқтисодий ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган. Статистика маълумотларига кўра, октябр бошига келиб Ўзбекистонга 19,2 минг америкалик ташриф буюрган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 20,6% кўп.