Деонтей Уайлдер катта қайтишга тайёр эканини маълум қилди
WBC йўналиши бўйича собиқ жаҳон чемпиони Деонтей Уайлдер ўз келажаги, мухлислар муносабати ва навбатдаги режалари ҳақида очиқ фикр билдирди. Тажрибали боксчи жамоатчилик қарашлари тез ўзгариб кетишини тан олиб, бунга нисбатан ўз позициясини билдирди.
Уайлдернинг сўзларига кўра, инсон чўққида турган пайтда ҳам танқидлардан қутула олмайди. Унинг таъкидлашича, фаолияти авжида бўлганида ҳам айримлар уни камситган, рингни тарк этгач эса, яна уни соғинганини айта бошлашган.
“Одамлар сендан нима хоҳлашини ўзи ҳам билмайди. Бир куни сенга ишонмайди, бошқа куни эса айнан сени қайта кўришни истайди. Мен улардан сўрайман: ростдан ҳам эски Уайлдер керакми ёки янгисини кўришни истайсизларми?” — деди боксчи.
Шу билан бирга, у барчани рози қилиш мумкин эмаслигини яхши англашини таъкидлади. Айниқса, профессионал боксда танқидга чидамли бўлиш, қалин тери ва ҳазил ҳиссига эга бўлиш жуда муҳим эканини қайд этди. Уайлдер ўзини айнан шундай фазилатларга эга деб ҳисоблайди.
Сўзининг якунида америкалик боксчи катта мақсадларини яширмади. У ўзининг яна бир бор рингда порлаб, бутун дунёни ҳайратга солишини, ҳатто Муҳаммад Али каби бокс оламини ларзага келтиришни ният қилганини билдирди. Уайлдернинг бу баёнотлари унинг ҳали сўнгги сўзини айтмаганини яққол кўрсатмоқда.