“Манчестер Сити” Ҳусанов ўйнайдиган ўнг қанотга янги ҳимоячи топди
“Манчестер Сити” раҳбарияти жамоанинг ўнг қанот ҳимояси учун янги иқтидорли футболчи олиш зарур, деган хулосага келди. Шу муносабат билан клуб скаутлари бир неча ёш ва истиқболли номзодни диққат билан кузатмоқда, уларнинг ўйини ва қобилиятларини баҳолашда давом этмоқда.
Айниқса, “Брентфорд”нинг 21 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Микаэль Кайоде “шаҳарликлар” эътиборида. Манчестер клуби скаутлари унинг ҳимоядаги ишончлилиги ва ҳужумга қўшилишдаги қобилиятидан катта таассурот олганини маълум қилишди. Бу ҳақда Caught Offside нашри хабар берди.
Манбага кўра, Кайоде учун “Бавария”, “Ювентус” ва “Интер” каби Европа клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Агар қишки трансфер ойнасида расмий таклиф тушса, “Брентфорд” футболчи учун 35–40 миллион евро талаб қилади ва келаси ёзда унинг нархи яна ошиб кетиши мумкин.
Жорий мавсумда Кайоде барча мусобақаларда 25 та ўйин ўтказди ва унинг клуб билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзигача давом этади. Transfermarkt маълумотларига кўра, футболчининг бозор қиймати ҳозирда 20 миллион евро атрофида.
"Манчестер Сити" раҳбарияти Кайоде каби иқтидорли футболчини ўз сафига қўшиш орқали ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлаш ва келаси мавсумда Европа ва ички мусобақаларда юқори натижаларга эришишни мақсад қилмоқда.