Сирдарёда фермерлар ер майдонлари олиб қўйилаётганидан шикоят қилди
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ер участкалари олиб қўйилаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Маҳаллий Telegram-каналларда тарқалган маълумотлардан сўнг Kursiv Uzbekistan ҳолат юзасидан фермерлардан бири билан суҳбатлашди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Фермернинг айтишича, 30 декабр куни уларга вилоят ҳокими номидан оғзаки тарзда барча фермер хўжаликларига тегишли ерлар қайта олиниши режалаштирилаётгани билдирилган. Шундан кейин эса ҳар куни турли идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар келишни бошлаган: вилоят прокуратураси, ички ишлар органлари, Мажбурий ижро бюроси, солиқ хизмати ва бошқа тузилмалар.
Унинг таъкидлашича, ижро ҳужжатларисиз мол-мулк давлат ҳисобига киритилмоқда, ер эгалари эса участкадан “ихтиёрий воз кечиш” мазмунидаги аризаларни ёзишга мажбурланмоқда. Бундай ҳужжатларни имзолашни рад этганларга нисбатан Агроинспекция орқали текширувлар бошланган, жарималар расмийлаштирилган ҳамда туман Фермерлар кенгашининг “мажбурий хулосалари” асосида судга даъволар тайёрланаётгани айтилмоқда.
Вазиятни изоҳлаган иқтисодчи Юлий Юсупов бу жараён жамиятда Ўзбекистонда “иккинчи коллективизация” хавотирларини кучайтириши мумкинлигини қайд этди. У 2026 йил мамлакат тарихида “Иккинчи коллективизация йили” сифатида тилга олиниб қолмаслиги кераклигини билдириб, амалдорлар сталинизм давридаги тажриба такрорланаётгани ҳақидаги саволни ўртага ташлади.
Kursiv Uzbekistan таҳририяти ҳолат бўйича расмий изоҳ олиш мақсадида Агроинспекция, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигига сўровлар юборганини маълум қилди.