Об-ҳаво: январ ўртасида кучли ёмғир, ой охирида кескин совуқ бўлади
Ҳафтанинг илк кунларида республика ҳудудларида об-ҳаво нисбатан илиқ бўлиши кутилмоқда. Синоптик вазиятга кўра, 13–14 январ кунлари Туркманистон томондан кириб келаётган иссиқ ҳаво оқими таъсирида айрим ҳудудларда баҳорий кайфият ҳукм суради. Хусусан, жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +20 даражагача кўтарилиши мумкин.
Бироқ ҳафтанинг ўрталаридан бошлаб об-ҳаво кескин ўзгаради. Қўшни Туркманистон ҳудудларидан циклон кириб келиши натижасида 15–16 январ кунлари Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятида жуда кўп миқдорда ёғингарчилик кузатилиши тахмин қилинмоқда.
Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, асосан ёмғир шаклида ёғадиган кучли ёғингарчилик айрим ҳудудларда сув тўпланиши, ҳатто маҳаллий сув тошқинлари ва сув босиш ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис аҳоли ва тегишли хизматлар эҳтиёткорлик чораларини кўриши тавсия этилмоқда.
Январ ойининг учинчи ўн кунлиги эса анча совуқ ҳаво билан бошланиши кутилмоқда. Хусусан, 21 январ куни республиканинг кўплаб ҳудудларида ҳарорат кескин пасайиши прогноз қилинмоқда. 22 январдан эса кундузги пайтларда ҳам ҳаво ҳарорати нол даражадан паст бўлиши мумкин.
Синоптик маълумотларга кўра, ойнинг энг совуқ кунлари 25–26 январга тўғри келиши эҳтимолдан холи эмас. Айни кунларда Тошкент шаҳрида тунги минимал ҳарорат -10 даражадан пастга тушиши тахмин қилинмоқда. Қорақалпоғистоннинг шимолий ҳудудларида эса ғайритабиий даражада кучли совуқлар кузатилиши мумкин.
Мутахассислар аҳолини об-ҳаводаги кескин ўзгаришларга тайёр бўлишга, айниқса, сафар ва кундалик режаларни тузишда эҳтиёткорликка чақирмоқда.