Александр Овечкин яна тарих яратди: 21 мавсумлик рекорд ўрнатди...
«Вашингтон Кэпиталз» жамоаси сардори Александр Овечкин яна бир бор Миллий хоккей лигаси тарихида ўз номини олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйди. NHL мунтазам чемпионати доирасида «Нэшвилл Предаторз»га қарши ўйинда россиялик ҳужумчи шайба киритиб, ноёб натижага эришди.
Бу гол Овечкин учун жорий мавсумдаги 20-шайба бўлди. Лига матбуот хизмати маълум қилишича, пойтахт клуби етакчиси фаолияти бошланганидан бери кетма-кет 21 мавсум давомида камида 20 тадан шайба киритган ягона хоккейчига айланди. Бу натижа нафақат барқарорлик, балки йиллар ўтса-да, юқори даражани ушлаб туриш намунасидир.
Шу билан бирга, Овечкин яна бир тарихий чегарани ортда қолдирди. У 40 ёшдан ошган хоккейчилар орасида бир мавсумда 46 тадан кам ўйинда 20 та шайба киритган NHL тарихидаги учинчи ўйинчи бўлди. Бунгача бундай натижага фақат афсоналар — Горди Ҳоу (1968/69 мавсумида 43 ўйинда ва 1970/71 мавсумида 46 ўйинда) ҳамда Жонни Бюсик (1975/76 мавсумида 42 ўйинда) эришган эди.
Бу статистика Овечкиннинг нафақат узоқ умр кўрган, балки йиллар давомида элита даражасида ўйнаётган хоккейчи эканини яна бир бор исботлайди. Ёш ўзгариши, рақобат кучайиши — ҳеч бири уни тўхтата олмаяпти. Овечкин ҳали ҳам муз устида асосий таҳдид.
Маълумот учун, Александр Овечкин NHL’даги бутун фаолияти давомида 1537 та ўйинда майдонга тушиб, 917 та шайба ва 745 та голли узатмани ўз ҳисобига ёздириб қўйган. Бу рақамлар аллақачон афсона даражасида, аммо у ҳали тўхтаётгани йўқ.
Қисқаси, Овечкин — бу шунчаки хоккейчи эмас. Бу давр. Ва бу давр ҳали тугамади.