Канселу “Барселона”га қайтди: ўнг қанот энди яна кучаядиган бўлди...
Каталониянинг “Барселона” клуби қишки трансфер ойнасида мухлисларни хурсанд қиладиган янгиликни расман тасдиқлади. Португалия терма жамоаси аъзоси Жоау Канселу энди яна “кўк-анорранглилар” футболчиси! Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
Расмий маълумотга кўра, “Барса” Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоасидан Канселуни мавсум охирига қадар ижарага олди. Таъкидлаш жоиз, футболчи жамоада 2-рақам остида майдонга тушади. Демак, ўнг қанотда рақобат ҳам, сифат ҳам ошади.
Эски таниш, янги миссия
Канселу каталониялик мухлисларга бегона эмас. У аввал ҳам “Барселона” шарафини ҳимоя қилган ва ўзини ишончли ижрочи сифатида кўрсата олган. Хусусан, 2023/24 йилги мавсумда у барча мусобақаларда 42 та учрашувда қатнашиб, 4 та гол урган ва 5 та голли узатма амалга оширган.
Бу рақамлар оддий статистика эмас: Канселу — ҳимоячи бўлишига қарамай, ҳужумга ҳам қаттиқ қўшиладиган, ўйинни тезлатадиган, пас ва кроссларда “кўзи бор” футболчилардан. “Барса”га эса айнан шундай универсал ўйинчи ҳар доим керак.
Қисқаси, Канселунинг қайтиши — “Барса” учун тайёр вариант: мослашишга вақт кетмайди, жамоани билади, Ла Лига темпини ҳис қилади. Энди мухлислар бир нарсани кутаяпти: Жоау илк ўйинданоқ “камерага лайк” қиладими ёки аввал бир-икки тур “режимга кириб” оладими?