Австрияда икки кўчки: беш чанғичи нега ҳалок бўлди?
Австриянинг ғарбий қисмида, Залцбург вилоятидаги тоғларда кетма-кет содир бўлган икки кўчки оқибатида беш нафар чанғичи ҳалок бўлди, яна бир нечта одам қутқариб қолинди. Ҳодисалар Залцбург шаҳри жанубида жойлашган Понгау ҳудудида қайд этилгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, биринчи кўчки 17 январ куни Бад Ҳофгастеин атрофида, тахминан 2200 метр баландликда содир бўлган. Қор массаси остида қолган аёл чанғичи қутқарувчилар томонидан чиқариб олинган бўлса-да, кейинчалик у вафот этган. Унинг турмуш ўртоғи эса омон қолгани қайд этилган.
Орадан тахминан 90 дақиқа ўтгач, Гастеин водийси томонларда иккинчи кўчки юз берган. У ерда етти нафар чанғичи қор қоплами остида қолиб кетган: тўрт киши шу заҳоти ҳалок бўлган, икки киши жароҳат олган (улардан бири оғир аҳволда), яна бир чанғичи эса тан жароҳатисиз қутулган.
Фожиа жойига тезкор тарзда тўртта қутқарув вертолёти, тоғ-қутқарув хизматлари, Қизил Хочнинг махсус итлар гуруҳлари ва инқироз ҳолатларига жавоб берадиган мутахассислар жалб қилинган. Қидирув-қутқарув ишлари бир неча соат давом этгани хабар қилинмоқда.