Қорақалпоғистонлик аёл ҳожатхонада туғди
Қорақалпоғистондан бўлган аёл Тошкент шаҳрида ишлаб юрган пайтида оғир фожиали ҳолатга йўл қўйди. Суд ҳужжатларига кўра, у ҳомилани тушириш ва туғруқни тезлаштиришга мўлжалланган дориларни истеъмол қилиб, фарзандини ҳожатхонада дунёга келтирган. Аммо чақалоқ қисқа вақт ичида ҳалок бўлган.
Маълум бўлишича, 1999 йилда туғилган аёл аввал турмуш қурган, икки нафар фарзандли бўлган. Кейинчалик оилавий муаммолар сабаб ажрашиб, 2024 йилда иш қидириб Тошкентга келган. У сомсахоналардан бирида ишлай бошлаган, аммо топган даромади кундалик эҳтиёжларига етмаган.
Шу орада у «Зафар» исмли эркак билан яқин муносабат ўрнатиб, ҳомиладор бўлиб қолган. Янги фарзандни тарбиялаш имконияти йўқлигини ўйлаб, аёл ҳомилани яширишга қарор қилган. У тиббиёт муассасасига мурожаат қилмасдан, интернет орқали топилган маълумотларга ишониб, ҳомилани тушириш ва туғруқни тезлаштирувчи таблеткаларни буюртма қилиб истеъмол қилган.
2024 йил 20 ноябрь куни тонгда уни тўлғоқ тутиб, ҳожатхонада чақалоқни дунёга келтирган. Суд материалларига кўра, аёл чақалоқни «унитаз» орқали йўқ қилишга уринган. Оқибатда, гўдак овоз чиқармасдан қолган. Аёл уни вафот этган деб ўйлаб, чойшабга ўраб, вақтинча яшаб турган уйининг ертўласига олиб тушган.
Орадан кўп ўтмай, у гўрковга қўнғироқ қилиб, болани дафн этиш кераклигини билдирган. Бироқ тиббий ўлим ҳақидаги маълумотнома тақдим этилмагани сабаб, ҳолат ички ишлар органларига маълум қилинган.
Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, чақалоқ тирик туғилган, 38–39 ҳафталик бўлган ва унинг ўлими бош мияга етказилган оғир жароҳат оқибатида юз берган. Аёл судда айбини тўлиқ тан олган.
2025 йил 13 ноябрь куни Мирзо Улуғбек туман суди қарор чиқариб, аёлга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Жазо доимий яшаш манзилида ўташ белгиланган.