"Будё-Глимт" Норвегияда "Манчестер Сити"га қарши ўйинда тарих ёзди...
Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 7-турида “Манчестер Сити” Норвегияда “Будё-Глимт” меҳмони бўлди ва кўпчилик кутмаган сценарий юз берди — 3:1 ҳисобида қақшатқич мағлубият. Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ ҳаракат қилган баҳс нафақат турнир учун, балки Норвегия футболи учун ҳам алоҳида саҳифа бўлди.
Гап шундаки, бу натижа билан “Манчестер Сити” Европа қитъаси мусобақалари тарихида “Будё-Глимт”га ютқазган биринчи жамоа сифатида қайд этилди. Бу ҳақда Stata Football нашри маълумот тарқатди.
Англия клубларига қарши “Будё-Глимт” қандай ўйнаган?
Норвегиянинг энг бақувват жамоаларидан бирига айланиб бораётган “Будё-Глимт” ҳозиргача Англия клублари билан 7 марта тўқнаш келган ва қуйидаги натижалар қайд этилган:
Мағлубиятлар:
-
“Арсенал”дан 0:3
-
“Арсенал”дан 0:1
-
“Манчестер Юнайтед”дан 2:3
-
“Тоттенхэм”дан 1:3
-
“Тоттенхэм”дан 0:2
Дуранг:
-
“Тоттенхэм” билан 2:2
Ғалаба:
-
“Манчестер Сити” устидан 3:1
Қисқаси, “Будё-Глимт” учун бу ғалаба — оддий уч очко эмас, ҳақиқий тарихий “мўр” бўлди.
Гвардиола шогирдлари кутилган ўйинни бера олмади
Тарихий аҳамият касб этган баҳсда Хосеп Гвардиоланинг кўплаб футболчилари одатдаги даражасини чиқара олмади. Мухлислар кутаётган ишончли назорат, аниқ паслар ва тартибли ҳимоя ўрнига, жамоа ўйинида парокандалик, хатолар ва кераксиз шошма-шошарлик кўпроқ кўзга ташланди.
“Манчестер Сити” футболчилари ҳаракатларини таҳлил қилган esteemedkompany.com экспертлари ўйинчиларни қуйидагича баҳолади:
Жанлуижи Доннарумма — 5/10:
“Будё-Глимт” голларида у деярли ҳеч нима қила олмади. Аммо Каспер Хьюзнинг бош билан зарба берган вазиятда нотўғри қарор қабул қилди.
Рико Льюис — 4/10:
Жуда суст ўйнади. Ярим ҳимояда ҳаракат қилди, аммо деярли ҳеч нарса кўрсата олмади.
Абдуқодир Ҳусанов — 5/10:
Кўплаб жамоадошлари каби энг яхши ҳолатида эмас эди. “Сити” ҳимояси бутун ўйин давомида тартибсиз кўринди. Бироқ Абдуқодир марказий ҳимоядаги шериги Макс Аллейндан анча ишончли ўйнади.
Макс Аллейн — 3/10:
Икки марта жиддий хато қилди ва бу хатолар рақибнинг дастлабки икки голига олиб келди. Кейин бор кучини ишга солди, аммо кеч бўлди. Бу кеча унга катта сабоқ бўлиши мумкин.
Райан Айт-Нури — 6/10:
Ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнади ва “Сити”нинг энг фаол ҳужумкор футболчиларидан бири бўлди.
Родри — 4/10:
Иккинчи бўлим ўрталарида бир дақиқада кетма-кет икки сариқ карточка олиб, майдондан четлатилди. Умуман олганда, Родри ўзининг энг яхши формасидан анча узоқ эди.
Тижани Рейндерс — 4,5/10:
Биринчи таймда кутилган даражада ўйнай олмади. Кейинроқ ҳаракатни оширди, аммо бу ҳам самара бермади.
Нико О'Райли — 6/10:
Энг яхши ҳолатида бўлмаса-да, чап ҳимоячи позициясида қўлидан келганини қилди.
Фил Фоден — 4/10:
Биринчи таймни жуда ёмон ўтказди, иккинчи таймда бироз ўйинини йиғди. 70-дақиқада уни Умар Мармуш алмаштирди.
Райан Шерки — 6/10:
Гол урди ва ўйин давомида таслим бўлмади. Айрим вазиятларда тўпни йўқотганига қарамай, жамоадаги энг яхши кўринганлардан бири бўлди.
Эрлинг Холанд — 3/10:
Ватанидаги ўйини омадсиз чиқди. Ягона яхши имкониятини ҳам бой берди. Хулқи ҳам кўнгилдагидек эмас эди — лидер сифатида анча яхшироқ кўриниш керак.
Умар Мармуш — 6/10:
Экспертлар фикрича, Гвардиола мисрлик футболчини майдонга анча эртароқ тушириши мумкин эди.
Энди “Этихад”да ғалаба шарт
“Манчестер Сити” Чемпионлар лигаси умумий босқичидаги навбатдаги учрашувини 28 январь куни Туркиянинг энг қудратли клубларидан бири — “Галатасарой”га қарши ўтказади. “Этихад”даги баҳсда мезбонлар учун “мажбурий ғалаба” кайфияти сезилиб турибди: Норвегиядаги шапалоқдан кейин жамоа ҳам, мухлислар ҳам жавоб реакциясини кутяпти.
Агар “Сити” шу ўйинда ҳақиқатан ҳам ўзини катта жамоа деб кўрсатмоқчи бўлса, бу мағлубиятни баҳонага айлантирмай, ундан хулоса қилиб, майдонда исбот қилиши керак. Мухлислар эса битта нарсани яхши билади: “Сити”нинг ҳақиқий юзи — босим остида кўринади.