Туркия термасининг собиқ аъзоси Самсунда ЙТҲда вафот этди
Туркиянинг Самсун шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида бадминтон бўйича Туркия терма жамоасининг собиқ аъзоси Умут Жан Туран ҳаётдан кўз юмди. Ҳодиса юзасидан Озарбайжон фуқароси қўлга олинган.
Demirören ахборот агентлиги хабарига кўра, тўхтаб турган юк машинасига урилиб кетган мотоциклни Умут Жан Туран бошқариб келаётган бўлган. Оғир тан жароҳатлари билан шифохонага етказилганига қарамай, унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Маълум қилинишича, марҳум авваллари бадминтон бўйича Туркия миллий терма жамоасида фаолият юритган. Сўнгги пайтларда эса у курьер сифатида ишлаб келган.
Хабарда қайд этилишича, воқеа билан боғлиқ ҳолда мотоцикл урилиб кетган юк машинасининг ҳайдовчиси — Озарбайжон фуқароси Нодир С. ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган. Ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.