Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳарбий қудрат рейтингида етакчига айланди
Global Firepower’нинг янгиланган ҳарбий қудрат индексида Ўзбекистон Қуролли кучлари ўз ўрнини сезиларли яхшилади. 145 та давлат қамраб олинган рўйхатда мамлакат 53-поғонага кўтарилиб, Марказий Осиё бўйича энг юқори натижани қайд этди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
2026 йилги рейтингга кўра, Ўзбекистон ўтган йилга нисбатан беш поғона юқорилаган ва 58-ўринда турган Қозоғистонни ортда қолдирган.
Мамлакатнинг асосий устунликларидан бири — сафарбарлик салоҳияти. 36,5 миллион аҳолининг қарийб 16 миллиони ҳарбий хизматга яроқли деб баҳоланади. Армия сафида тахминан 120 минг ҳарбий хизматчи бор, уларнинг катта қисми қуруқлик бўлинмаларида хизмат қилади.
Техник таъминот кўрсаткичлари ҳам юқори: Ўзбекистон ихтиёрида 470 та танк ва 8 692 та зирҳли техника мавжуд. Артиллерия йўналишида, жумладан, 177 та ўзиюрар артиллерия қурилмаси қайд этилган бўлиб, бу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда 23-ўринни эгаллаган.
Ҳаво кучлари таркибида 159 та учиш техникаси бор, шундан 101 таси вертолётлар. Зарба берувчи авиацияга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланади: 34 та зарба вертолёти ушбу мезон бўйича Ўзбекистонга глобал рейтингда 20-ўринни таъминлаган.
Умумий натижаларга кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳарбий салоҳият бўйича етакчи сифатида мустаҳкам ўрнашди. Минтақадаги тартиб: Ўзбекистон — 53-ўрин, Қозоғистон — 58-ўрин, Туркманистон — 78-ўрин, Тожикистон — 100-ўрин, Қирғизистон — 109-ўрин.