Андижондаги мактабда ўқувчини таёқ билан урган директор ўринбосари жазоланди
Андижон вилояти Избоскан туманидаги 11-мактабда содир бўлган ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада мактаб раҳбарияти вакили ўқувчига нисбатан жисмоний зўравонлик қўллаётгани акс этган.
Маълум бўлишича, болани таёқ билан урган шахс ушбу таълим муассасасининг директор ўринбосари бўлган. Ҳолат 23 январь куни соат 10:00 атрофида, ўқувчиларни дарсга киритиш пайтида мактаб ҳудудида содир этилган.
Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ахборотига кўра, педагогик этика ва ўқувчи ҳуқуқларига мутлақо зид бўлган бу ҳаракат учун директор ўринбосарига ҳайфсан тарзида интизомий жазо қўлланган. Шу билан бирга, вазирлик томонидан мазкур ҳолат юзасидан қўшимча ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.
Қайд этилишича, видеода раҳбар ўринбосари ўқувчига қўпол муомала қилиб, уни калтаклаётгани очиқ-ойдин кўринади. Бу эса таълим муассасаларида болалар хавфсизлиги масаласини янада кун тартибига чиқарди.
Сўнгги пайтларда мамлакатнинг турли ҳудудларида таълим соҳасида зўравонлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бораётгани жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Масъул идоралар бундай ҳолатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилишини таъкидламоқда.