Нодир Элибоев Осиё кубогида фақат ғалабани мақсад қилди
Футзал бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Нодир Элибоев Осиё кубоги–2026 мусобақаси олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида қатнашиб, жамоанинг тайёргарлиги, мақсадлари ва гуруҳдаги рақиблар ҳақида батафсил фикр билдирди.
Мутахассис аввало Индонезия томонига миннатдорчилик билдирди. У Жакарта шаҳридаги қабул, ташкилотчилик ва меҳмондўстлик учун мамлакат раҳбарияти ҳамда футбол-футзал мутасаддиларига раҳмат айтиб, мусобақада иштирок этаётган барча жамоаларга омад тилади.
Элибоевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси Осиё кубогига жиддий ва пухта тайёрланган. Жамоа Жакартага шунчаки қатнашиш учун эмас, олдидан қўйилган вазифани шараф билан бажариш ниятида келган.
Бош мураббий энг аввалги мақсадни очиқ айтди: гуруҳ босқичидан ишончли ўтиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш. Шу йўлда ҳар бир ўйинда йигитлар олдига фақат ғалаба талаби қўйилган. Элибоев “мақсад қийин, лекин амалга оширса бўладиган” эканини таъкидлаб, жамоа 100 фоиз курашга тайёрлигини билдирди.
Шу билан бирга, мутахассис муаммолар ҳам борлигини яширмади. Айрим футзалчилар жароҳат сабаб таркибга қўшилолмаган. Бу ҳолат миллий чемпионатнинг охирги турларида юз бергани учун жамоа ҳимоя ва ҳужум чизиғидаги боғланишларда тезкор ўзгариш қилишга мажбур бўлган. Лекин бу вазиятга қарамай, терма жамоа тайёргарликни тўхтатмаган, аксинча, янги вариантлар устида ишлаб, жамоавий ўйинни қайта жойига туширишга ҳаракат қилган.
Элибоев режадаги ишлар қай даражада тўғри чиққанини биринчи учрашувлардан кейин билиш мумкинлигини айтди. Турнир давомида ҳам жамоа фақат ўйин ўтказиш билан чекланмай, таҳлил, ишлаш ва изланишни давом эттиришини алоҳида урғулади.
Бош мураббийнинг ишончи комил: миллий жамоага чақирилган барча футзалчилар жанговар руҳда, майдонда охиригача курашишга тайёр. Уларнинг олдидаги асосий вазифа эса бир: энг юқори натижа ва мухлисларга ғалабали, чиройли ўйинлар совға қилиш.
Рақибларга тўхталган Нодир Элибоев Осиё футзалида “осон жамоа” деган тушунча қолмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, финал босқичига чиққан ҳар бир терма жамоа футзални яхши ўзлаштирган, шунинг учун бу ерда кучсиз рақиб бўлмайди. Шу сабаб, гуруҳдаги ҳар бир жамоанинг ўйин услуби чуқур ўрганилган, футзалчиларга аниқ кўрсатмалар берилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон футзал терма жамоаси гуруҳ босқичида Тожикистон, Австралия ва Японияга қарши баҳс олиб боради. Нодир Элибоев шогирдлари илк учрашувни 28 январ куни Тожикистонга қарши ўтказади. Ушбу беллашув Тошкент вақти билан 17:00 да старт олади. Аввалроқ терма жамоанинг Осиё кубоги учун якуний рўйхати ҳам эълон қилинган.
Энди эса барчанинг кутгани бир нарса: Жакартада “жанговар руҳ” гапда эмас, майдонда исботланиши.