«Ал-Иттиҳод» мураббийи Бензема атрофидаги гапларга муносабат билдирди
Карим Бензема пайшанба куни «Ал-Иттиҳод»нинг навбатдаги учрашувини ўтказиб юборди. Айрим манбаларга кўра, франсуз ҳужумчи клубнинг шартномани узайтириш бўйича таклифидан норози бўлиб, ундаги молиявий шартлар паст деб ҳисоблагани учун ўйнашдан бош тортган. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
38 ёшли футболчининг йўқлиги юзасидан «Ал-Иттиҳод» бош мураббийи Сержиу Консейсау фикр билдирди. Мутахассис бу мавзу бўйича саволларни клуб раҳбариятига йўналтириш кераклигини айтди.
«Бензема ҳақида клубдан сўранг. Мен бу ерда жамоани машғулотларга тайёрлаш, ўйинларга ҳозирлаш ва совринлар ютиш учунман. Қолган масалалар менинг вазифам доирасидан ташқарида. Шуни айта оламан: Карим — зўр профессионал ва фантастик футболчи. Уни машқ қилдиришдан фахрланаман», — дея Консейсаунинг сўзларини ижтимоий тармоқларда журналист Фабритсио Романо келтирди.
Ҳозирда «Ал-Иттиҳод» Саудия Про-лигаси турнир жадвалида 6-ўринда бормоқда.