Дунёда илк 10 кишилик учар такси муваффақиятли парвоз қилди
Кеча, 10 феврал куни Хитойнинг Fengfei Aviation Technology компанияси дунёдаги энг йирик V5000 eVTOL (электр қувватли вертикал учиш-қўниш қурилмаси)ни муваффақиятли синовдан ўтказди. Қурилманинг оғирлиги 5 тоннага тенг. Бу ҳақда “Гизмочина” хабар берди.
Хабар қилинишича, учар такси Сзянсу провинциясидаги Куншан базасидан вертикал кўтарилишдан горизонтал парвозга силлиқ ўтиб, техник имкониятларини тўлиқ намоён қилган. Лойиҳа шунчаки тажриба эмас, балки шаҳар ичидаги тирбандликларни камайтириш ва Ғарб давлатларини ҳаво транспорти соҳасида ортда қолдириш стратегиясининг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Муҳандислар қурилмани 20 та двигател билан жиҳозлаган. Айрим моторлар ишламай қолса ҳам, V5000 хавфсиз парвозини давом эттира олади. Йўловчи ташувчи варианти — V5000 Matrix 10 кишилик сиғимга эга. Қурилма гибрид режимда 1500 км (соф электрда 250 км) масофани босиб ўта олади, бу эса шаҳар марказидан узоқ ҳудудларга тезкор ва экологик тоза транспортни таъминлашга хизмат қилади.
Халқаро авиация экспертлари бу синовни “катта қадам” сифатида баҳоламоқда. Ҳозиргача eVTOL'лар одатда 6 кишидан ортиқ йўловчи ташимаган. V5000 эса 10 йўловчи сиғими билан ҳавода жамоат транспорти даврини бошлади.