Мбаппега дам йўқ: Реал ҳам, терма жамоа ҳам қарши
На Реал Мадрид, на Франция футбол федерацияси ҳужумчи Килиан Мбаппега дам бериш ниятида эмас.
L’Equipe нашри маълум қилишича, футболчи бир неча ойдан буён чап тиззасидаги оғриқлардан азият чекмоқда. Шунга қарамай, Мадрид клуби яқин учрашувларда ўзининг асосий тўпураридан максимал даражада фойдаланишни режалаштирмоқда.
Клуб раҳбариятидаги айрим манбаларга кўра, агар оёқдаги оғриқлар безовта қилишда давом этса, Мбаппе март ойидаги терма жамоалар танаффуси даврида қисқа дам олиши мумкин. Бироқ Франция миллий жамоаси штаб-квартирасида бундай вариант ҳозирча умуман муҳокама қилинмаяпти.
Маълум қилинишича, Франция терма жамоаси Жанубий Америкада икки ўртоқлик учрашуви ўтказиши режалаштирилган. Аввал 26 март куни Бразилия миллий терма жамоасига қарши баҳс ўтказилади, 29 март куни эса жамоа Колумбия миллий терма жамоаси билан майдонга чиқади.
Қайд этилишича, мазкур ўйинлар ташкил этилган турнирнинг асосий ҳомийси Nike ҳисобланади ва компания Мбаппе билан шахсий ҳамкорлик шартномасига ҳам эга. Шу сабабли юлдуз футболчининг ушбу учрашувларни ўтказиб юбориши ҳомийлар нуқтаи назаридан мақбул вариант сифатида қаралмаяпти.