Шанҳайда ер тахминан 10–20 метр ўпирилди
Хитойнинг Шанҳай шаҳрида кутилмаган ва хавотирли ҳодиса кузатилди: кенглиги тахминан 10–20 метр бўлган ер ўпирилиши бир неча сония ичида рўй берди. Ер ости “очилиб” кетган чуқурликка йўл қисми, қурилиш материаллари ҳамда вақтинчалик иншоотлар қулаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфли ҳудуддан ўз вақтида четга чиқиб кетишга улгурган. Қурилиш майдончасида ишлаётган ишчилар эса тезкор тарзда эвакуация қилинган.
Мутахассисларнинг илк тахминларига кўра, бу ҳолатга метро қурилиши ишлари ҳамда бир кун аввал аниқланган сув сизиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яъни ер қатлами намланиб, бўшашгани оқибатида тўсатдан ўйилган эҳтимоли бор.
Қизиғи, 2024 йилда ҳам айнан шу атрофда шунга ўхшаш ер ўпирилиши қайд этилгани эслатилмоқда. Ҳозирда эса мутахассислар воқеа сабабларини аниқлаш учун текширув ишларини олиб бормоқда.
Бундай ҳолатлар “бир сония”да катта хавфга айланиши мумкин. Шунинг учун текширув хулосалари ва хавфсизлик чоралари вақтида кучайтирилса, кейинги йирик нохушликларнинг олдини олиш мумкин бўлади.