“Малика”да катта текширув 117 кишининг иши расмий легаллаштирилди
Тошкент шаҳридаги “Малика” савдо комплексида навбатдаги текширув ва ўрганиш ишлари ўтказилди. Натижада 117 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиб, уларнинг фаолияти қонуний асосда расмийлаштирилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотга кўра, савдо мажмуасида Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси, шаҳар прокуратураси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда яширин иқтисодиётга қарши чоралар, савдо жараёнларида қонун талабларига амал қилиш ва солиқ интизомини кучайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди. Масъулларга аниқ топшириқлар берилган ва ижроси назоратга олингани айтилди.
Шундан сўнг мутасаддилар савдо комплекси ҳудудида ўрганиш ишларини олиб бориб, тадбиркорлар билан профилактик суҳбатлар ўтказган. Уларда савдода шаффофликни таъминлаш, тушумларни тўлиқ кўрсатиш, нақдсиз ҳисоб-китоб улушини ошириш, назорат-касса техникаларидан тўғри фойдаланиш ҳамда электрон ҳисоб-фактураларни ўз вақтида расмийлаштириш бўйича тушунтиришлар берилган.
Ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунга қадар мажмуа ҳудудида 129 та юридик шахс ва 267 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолияти ўрганилган. Шу жараёнда 117 нафар фуқаро ҳам қонуний рўйхатдан ўтказилиб, ишлари расмийлаштирилган. Солиқ қўмитаси бу каби “манзилли ва тизимли чоралар” яширин фаолиятни қисқартириш, ҳалол рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ва бюджет тушумларини оширишга хизмат қилишини таъкидлаган.
Бу мавзудаги эътиборли жиҳат шундаки, Президент Шавкат Мирзиёев 27 январ куни ўтказилган йиғилишда солиқ идораларининг яширин иқтисодиётга қарши курашиш борасидаги ишларини “мутлақо қониқарсиз” деб баҳолаганди. Давлат раҳбари “Чорсу” бозорида тўлов интизоми йўлга қўйилмагани, “Малика” савдо комплексида эса вазият янада оғир эканини айтган.
Йиғилишда келтирилган рақамлар ҳам жамоатчилик эътиборини тортган: комплексда 1,5 мингга яқин тадбиркор ишласа-да, уларнинг фақат тўртдан бири рўйхатдан ўтгани, 25 фоизи ойига 1 миллион сўм ҳам солиқ тўламаётгани қайд этилган. Шунингдек, декабрь ойида пластик карталар орқали ечиб олинган 600 миллиард сўмлик савдо тушуми яширилгани таъкидланган.
Шу аснода Президент Шайхонтоҳур тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳожиакбар Муллажонов ва Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжоновни ишдан олиш, фаолиятни чуқур ўрганиб, қонун устуворлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берган. Солиқ қўмитаси раисига эса Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекциялари раҳбарларини ишдан олиб, вазифасини бажарувчи қилиб тайинлаш вазифаси қўйилган. Шу йиғилишда Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ҳам ишга бепарволиги ва масъулиятсизлиги сабаб лавозимидан озод этилган.