Саж Ланс етакчилигига хотиржам ёндашмоқчи
“Ланс” бош мураббийи Пьер Саж чемпионлик пойгаси ҳақида яна фикр билдирди. “ПСЖ”нинг очко йўқотиши ва жамоасининг “Париж” устидан 5:0 ҳисобидаги йирик ғалабасидан сўнг “Ланс” Франция чемпионати турнир жадвалида пешқадамга айланди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассис етакчилик ва ишончли ғалабадан мамнунини яширмади, бироқ чемпионлик мавзусини ҳозирдан тилга олишдан атайлаб тийилаётганини таъкидлади.
“Ҳозир бизда аниқ ва очиқ айтилган амбициялар бор, энг муҳими — улар амалга ошса бўлади. Футболчилар мақсадга етиш учун қайси босқичлардан ўтиш кераклигини яхши тушунишади. Биз аста-секин олдинга юрамиз. Биринчи босқични аллақачон бажардик”, — дея Сажнинг сўзларини Le Parisien келтирди.
Саж жамоа вазиятга хотиржам қараётгани ва диққат-эътиборни йўқотмаётганини ҳам қўшимча қилди.
“Улар ҳаммаси босқичма-босқич келишини билишади — жиддий ёндашув, фидойилик ва қатъият орқали. Омадсизроқ кунлар ҳам бўлади. Лекин барибир кейинги Чемпионлар лигасига чиқиш учун доим ғалаба қозонишимиз керак”, — деди мураббий.
Ҳозирда “Ланс” ҳисобида 52 очко бор, “ПСЖ” эса бир очкога кам тўплаган.