Луис Энрике «Монако» билан ўйиндаги "суперкамбэк" ҳақида нима деди?
Парижнинг ПСЖ клуби Чемпионлар лигасида "Монако" устидан қозонилган иродали ғалабадан кейин нафақат уч очко, балки руҳий устунлик ҳам олди. 0:2 ҳисобида ортда қолган жамоа охирида ўйинни ағдариб, 3:2 ҳисобидаги ғалабани “илиб кетди”. Бу — оддий камбэк эмас, характер синовидан ўтиш десак, ўринлироқ.
Учрашувдан кейин «ПСЖ» бош мураббийи Луис Энрике ўйин таассуротлари билан ўртоқлашди ва бу баҳсни “ўзига хос” деб атади. Унинг сўзларига кўра, ҳаммаси жуда тез ва жуда оғир бошланган.
Энрике таъкидлаганидек, «Монако»нинг илк ҳужумидаёқ парижликлар дарвозаси ишғол этилди. Шу билан ўйин бошланиб улгурмасидан психологик зарба берилди. Орадан кўп ўтмай, рақиблар ҳимоядан яна бир бор муваффақиятли ўтиб, иккинчи голни ҳам киритишди. Бундай ҳолатда кўп жамоаларнинг ички “ишончи” синади: ҳам алоҳида футболчи, ҳам бутун жамоа ўзини йўқотиб қўйиши мумкин.
Лекин «ПСЖ» бу сценарийга тушиб қолмади. Энрикенинг фикрича, энг муҳими — вазият оғирлашган пайтда ҳам жамоанинг кайфияти тушмаган. Майдондаги руҳият “бўлди, энди тугади” деган ҳолатга кирмаган, аксинча, ўйинни қайтаришга ишонч сақланган. Ва шу ишонч кейин натижага айланди: жамоа босимни оширди, ҳаракатни тезлатди, вазиятларни кўпайтирди ва охирида тўлиқ бурилиш қилди.
Энрике бу ғалабани айнан шундай баҳолади: бу синов футболчиларнинг ҳам индивидуал, ҳам жамоавий ишончини емириши мумкин эди, аммо «ПСЖ» бу синовдан ўта олди. RMC Sport келтирган иқтибосда у жамоа қийинчиликка қарамай, яхши кайфиятда қолганини алоҳида урғулади.
Энди энг қизиғи олдинда: жавоб беллашуви 25 феврал куни Парижда бўлиб ўтади. Бу ўйинга келиб «ПСЖ»да руҳий плюс бор — лекин Чемпионлар лигасида “иккинчи бўлим” доим бошқача ўтади. Биринчи баҳсдаги характерни яна бир бор кўрсата олса, Париждаги кеча мухлислар учун янада ширин бўлиши мумкин.