Миришкорлик ота алимент эвазига фарзандларига уй берди
Фарзанд таъминоти — бу шунчаки мажбурият эмас, бу ота-оналик масъулияти ва келажак олдидаги виждонли қарордир. Aйрим ҳолатларда эса алимент масаласи фақат ойлик тўловлар билангина чекланиб қолмай, фарзандлар ҳаёти учун узоқ муддатли кафолатга айланади.
Мажбурий ижро бюроси Миришкор тумани бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Т.дан ундирувчи М.Қ. фойдасига алимент ундируви белгиланган эди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ алимент миқдори даромаднинг 1/2 қисми этиб белгиланган.
Ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор масалага масъулият билан ёндашиб, фарзандлари вояга етгунга қадар бўлган алимент тўловлари ҳисобига 3 хонали уй-жой расмийлаштириб берди. Бу қарор нафақат алимент мажбуриятининг тўлиқ ва барқарор ижросини таъминлади, балки фарзандларнинг келажаги учун мустаҳкам ижтимоий ҳимоя яратди.
Мазкур ҳолат алимент масаласига масъулият билан ёндашиш, қонун талабларини ихтиёрий ва онгли равишда бажаришнинг яққол намунаси бўлиб, бошқа қарздорлар учун ҳам ибрат бўла олади.