АҚШ базалари Эрондан катта зарар кўрди
BBC таҳлилига кўра, Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий базаларига Эрон томонидан берилган зарбалар жангларнинг дастлабки 14 куни давомида тахминан 800 миллион доллар зарар етказди. Йўқотишларнинг аксарияти можаронинг биринчи ҳафтасида Эроннинг жавоб ҳужумлари билан боғлиқ бўлган.
Ҳисоботда айтилишича, энг қиммат талофатларнинг айримлари Иорданиядаги АҚШ авиабазасида қайд этилган. Нишонлар орасида THAAD ракетага қарши мудофаа тизими ва AN/TPY-2 радари бўлгани айтилмоқда. BBC маълумотига кўра, фақат радарнинг ўзи тахминан 485 миллион долларга баҳоланади. Бундан ташқари, минтақадаги АҚШ базаларидаги бинолар ва бошқа инфратузилма яна 310 миллион доллар зарар кўрган деб ҳисобланмоқда.
Сунъий йўлдош тасвирлари таҳлили шуни ҳам кўрсатадики, Эрон камида учта АҚШ авиабазасига бир неча бор зарба берган: Қувайтдаги Али Ал Салем, Қатардаги Ал Удейд ва Саудия Арабистонидаги Принс Султон. ББC'га кўра, такрорий ҳужумлар Эрон муҳим ҳарбий объектларни атайлаб нишонга олганини кўрсатади.
Айни пайтда АҚШнинг ҳарбий харажатлари кескин ошди. ABC News хабарига кўра, Пентагон расмийлари сенаторларга ёпиқ брифингда Вашингтон урушнинг дастлабки олти кунида камида 11,3 миллиард доллар сарфлаганини билдирган. The Washington Post ҳам Пентагон ҳарбий амалиётларнинг илк икки кунидаёқ ўқ-дориларга 5,6 миллиард доллар сарфлаганини ёзди.