Трамп Эронга Ҳўрмуз бўғози бўйича қатъий талаб қўйди
АҚШ президенти Доналд Трамп Эронга нисбатан кескин баёнот бериб, агар Теҳрон 48 соат ичида Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очмаса, мамлакатнинг энергетика инфратузилмасига жиддий зарба берилишини маълум қилди.
Трамп ўзининг Truth Social платформасида эълон қилган баёнотида шундай деди: “Агар Эрон таҳдидлардан воз кечиб, Ҳўрмуз бўғозини 48 соат ичида тўлиқ очмаса, Америка Қўшма Штатлари уларнинг энг йирик электр станцияларидан бошлаб барча муҳим объектларини нишонга олиб, уларни яксон қилади”.
Ушбу баёнот Гринвич вақти билан 21 март куни соат 23:44 да эълон қилинган. Бу эса Эрон учун белгиланган муддат 23 март куни шу вақтга қадар давом этишини англатади. Теҳрон вақтига кўра эса бу 24 март соат 03:14 га тўғри келади.
Аввалроқ ҳам Трамп шу платформа орқали янада кескин баёнот бериб, АҚШ “Эронни харитадан ўчириб юбориши мумкин”лигини таъкидлаган эди. Бу сўзлар халқаро ҳамжамиятда катта муҳокамаларга сабаб бўлди.
Шу билан бирга, у АҚШ Эронда ўз мақсадларига эриша олмагани ҳақидаги тахминларни рад этди. Унинг фикрича, Вашингтон режаларини ҳатто кутилгандан ҳам тезроқ амалга оширган. “Аксинча, биз уддаладик. Ҳатто режадагидан бир неча ҳафта олдинроқ ҳам. Уларнинг раҳбарияти йўқ қилинди, флоти ва ҳарбий-ҳаво кучлари амалда мавжуд эмас. Уларда деярли ҳимоя қолмади ва улар келишувга келишни хоҳлашмоқда. Мен эса бунга рози эмасман”, — дея қўшимча қилди у.
Ҳозирги вазият халқаро миқёсда жиддий хавотир уйғотмоқда. Мутахассислар фикрича, Ҳўрмуз бўғози глобал нефть ва газ ташиш йўлларининг энг муҳим нуқталаридан бири ҳисобланади. Шу сабабли бу ҳудуддаги ҳар қандай кескинлик жаҳон иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда кузатувчилар томонларнинг кескин баёнотларига қарамай, дипломатик ечим топилишига умид билдирмоқда. Чунки ҳарбий зиддиятнинг янада авж олиши бутун минтақадаги барқарорликка жиддий таҳдид солиши мумкин.