АҚШ Эрон билан урушни молиялаштириш учун етарли ресурсга эгами?
АҚШ ҳукумати Эронга қарши урушни молиялаштириш учун етарли маблаққа эга, аммо келажакда ҳарбийлар зарур даражада таъминланишини кафолатлаш мақсадида Конгрессдан қўшимча маблағ сўрамоқда. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Скотт Бессент NBC News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Бессент аниқ миқдорни айтмасдан, урушни молиялаштириш учун солиқларни ошириш режаси йўқлигини ҳам таъкидлади. “Бизда урушни молиялаштириш учун етарли пул мавжуд. Гап қўшимча маблағлар ҳақида. Президент Трамп биринчи муддатда қилганидек, ҳозир иккинчи муддатда ҳам ҳарбийларни кучайтирди ва у қуролли кучлар келажакда зарур бўлган барча нарсалар билан тўлиқ таъминланишини истайди”, — деди Бессент.
Шунингдек, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ўтган ҳафта “аллақачон бажарилган ва келажакда амалга оширилиши мумкин бўлган ишлар учун етарли маблағни таъминлаш” мақсадида қўшимча маблағлар кераклигини билдирган эди.